Жиноятга йўл йўқ

27.06.2025 / 524

Маҳалла — қадриятлар маскани. У ерда меҳр бор, бир-бировга ҳурмат, оқибат бор, болаларнинг кулгиси, оналарнинг дуоси, нуронийларнинг насиҳатлари айнан ўша нурли масканда жамланган. Маҳалла тинч бўлса, мамлакат фаровон, халқ хотиржам яшайди, фарзандлар эмин-эркин улғайиб, орзулари сари қанот очади.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу меҳрли масканнинг янада хавфсиз ва ободлиги йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қарор ижросини таъминлаш борасида Юнусобод тумани прокуратураси томонидан кенг қамровли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, криминоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар илдизига етиш мақсадида “намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз йўлак” каби ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бу борада туманнинг энг мураккаб ҳудудлари қаторида қайд этилган Шоштепа маҳалласи алоҳида эътиборга лойиқ. Майдони 46,75 гектарни ташкил этувчи ушбу ҳудудда 5 219 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 14 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, аҳолининг муайян қисми ижтимоий ҳимоя реестри, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”да қайд этилган. Хусусан, 150 нафар аёл, 5 нафар ёш ва 35 та оила эҳтиёжмандлар сафида.

2024 йилнинг 4 ойида “қизил” тоифадаги маҳалла сифатида белгиланган Шоштепада ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар ташвишли эди: 4 та жиноят, жумладан, 2 та ўғрилик, 1 та оилавий зўравонлик, 1 та енгил тан жароҳати ҳамда 244 та маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилганди.

Вазият таҳлили шуни кўрсатди[1]ки, ушбу рақамлар ҳудуддаги аниқ ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий камчиликлар борлигидан далолат. Яъни 6 та уйнинг фасад қисми таъмирталаб ҳолда, болалар ва спорт майдончалари, сайлгоҳ, нуронийлар маскани, автотураргоҳлар мавжуд эмас. Назорат камералари ўрнатилмаган, замонавий маҳалла аркаси йўқ, аҳоли орасида ичкиликбозлик, экстремизмга мойиллик, руҳий касаллик ва судланганлик ҳолатлари кузатилган.

Шу тарзда жиноятчиликнинг асосий сабаблари сифатида ижтимоий муҳитнинг носозлиги, инфратузилманинг ривожланмаганлиги ва аҳоли бандлиги масаласидаги муаммолар қайд этилди.

Мазкур таҳлилий-танқидий ўрганишлардан сўнг Юнусобод тумани прокуратураси бошчилигида 2025 йил бошидан бошлаб Шоштепада кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Аввало, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга эътибор қаратилди. 85 та ноқонуний қурилма бузилиб, фойдаланилмай келаётган қаровсиз бинодан нуронийлар учун файзли маскан ташкил этилди. 400 китобга эга кутубхона, Wi-Fi зонаси, 32 та ўриндиқ билан замонавий майдонча барпо этилди. Маҳалла пешлавҳаси (36 м²) ва “SOS” тугмаси билан жиҳозланган назорат камералари ўрнатилди. 7 500 м² ерга асфальт ётқизилиб, маҳалла идораси таъмирланди.

Техник инфратузилма ривожи йўлида ҳам катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, 77 та кузатув камераси ўрнатилди, шу жумладан улардан 10 таси Face-ID технологиясига эга бўлса, 27 таси – ички ишлар органига, 20 таси – профилактика инспектори хизмат хонасига интеграция қилинган. 2 та пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилди. Таъмирталаб аҳволдаги 555-сонли болалар боғчаси ҳудудида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, сунъий чим билан қопланган майдонча, Workout зонаси, 350 метр панжара билан ўраб чиқилди, 3 000 метр квадрат ташқи қисми мукаммал таъмирланди. Маҳалла ва боғча ҳудудига қуёш панеллари, битта кўп қаватли уйга тунги ёритиш тизими ўрнатилди.

Иссиқлик, сув ва электр тармоқлари янгиланди. 15х12 м ўлчамда Янги Ўзбекистоннинг маънавий юзига айланган Учинчи Ренессанс моҳиятини очиб берадиган тасвир жойлаштирилди.

Бундан ташқари, 585 та электр тақсимлаш қутиси таъмирланиши натижасида йилига 7,8 млн кВт/соат энергия (2,3 млрд сўм) иқтисод қилиниши кутилмоқда. 300 та манзарали ва 1 500 туп мавсумий гуллар экилди.

Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар эса кўп куттирмасдан ўз натижаларини кўрсатди. 2025 йилнинг бошидан буён маҳаллада бирорта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик қайд этилмагани фаолиятимиз кўзгуси десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, оғир тоифадаги 4 нафар ёшдан 2 нафари иш ва ўқиш билан таъминланиб, соғлом муҳитга қайтарилди.

21 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 133 та иш ўрни яратилди. 261,8 млн сўм мол-мулк солиғи ундирилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида, кам таъминланган аҳоли учун бандлик имкониятлари кенгайди. Мисол учун, Россиядан (миграциядан) қайтган М.Убайдуллаевага “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит ажратилди, у ҳозир ўзидан бошқа яна бир фуқарони фойдали меҳнат билан банд қилди. Ш.Муратова ҳамда З.Атаметов 60 млн сўм кредит билан таъминланиши натижасида қадоқлаш ва тикувчилик билан шуғулланмоқда, жами 5 нафар кам таъминланган аҳоли ҳам иш билан банд бўлди.

Шоштепа маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат жиноятчиликни жиловлаш, балки хавфсиз, обод ва ижтимоий жиҳатдан барқарор муҳитни шакллантиришда намунавий тажриба бўлиб хизмат қилмоқда. Прокуратуранинг ташаббуси ва маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигидаги тизимли ёндашув — ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликка қарши самарали механизм шакллантирилиши мумкинлигини исботлади.

Яхё АБДУРАҲМОНОВ,

Юнусобод тумани прокурори

Powered by GSpeech