Юнусобод туман прокурорининг мурожаати

05.06.2025 / 424

Ассалому алайкум, муҳтарам Юнусобод тумани фуқаролари ва азиз меҳмонлар!

Жорий йилда туманимиз ҳудудида 53 маротаба оммавий-маданий, ижтимоий-сиёсий ва спорт тадбирлари ўтказилиб, мазкур тадбирларда 55 мингдан ортиқ фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланди. Бу жараёнларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда Юнусобод тумани ички ишлар органлари ходимлари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Муҳтарам туман фуқаролари!

Сизларни хабардор этиш мақсадида жорий йилда туман ҳудудида жиноятчилик ҳолати бўйича қисқача маълумот бермоқчиман. Жумладан:

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 229 та жиноят фош этилди;

182 нафар ҳуқуқбузар шахслар аниқланди;

44 нафар шахслар Реабилитация марказига жойлаштирилди;

Жиноят содир этишга мойил 750 нафар шахс профилактик ҳисобга, 27 нафар илгари судланганлар эса маъмурий назоратга олинди;

32 нафар руҳий касал, гиёҳванд ёки спиртли ичимликка ружу қўйган фуқаролар мажбурий даволанишга жўнатилди;

86 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга “Ҳимоя ордер”лари берилди;

331 та совуқ қурол олиб юриш ҳолати бўйича маъмурий чоралар кўрилди;

40 нафар шахсга нисбатан маҳалла еттилиги хулосалари асосида жиноятчиликка мойиллик ёки жабрланиш хавфи бўйича ишлар амалга оширилди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида туманда олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар 20,5% га камайди.

Жиноят турларида қуйидаги камайиш кузатилди:

Босқинчилик: 4 та жиноятдан 2 тага;
Ўғирлик: 89 тадан 83 тага;
Фирибгарлик: 39 тадан 19 тага;
Безорилик: 9 тадан 8 тага;
Ўлим билан боғлиқ ЙТҲ: 4 тадан 1 тага;
Енгил тан жароҳати: 10 тадан 1 тага;
Ўртача оғир тан жароҳати: 8 тадан 3 тага;
Шу билан бирга, ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланган жиноятлар сони 35,2% га ошди (162 тадан 219 тага).

2025 йилнинг биринчи тўрт ойи давомида жиноятчиликни жиловлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 64 та маҳалланинг:

42 тасида (65,6%) жиноятлар сони камайган,

14 тасида (24,9%) ҳеч қандай жиноят қайд этилмаган.

ПҚ-1-сонли қарор ижросини таъминлаш мақсадида:

Қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалардаги ўғирлик жиноятлари содир этилган кўчалар бўйича 165 та қўриқлаш хизматига аризалар топширилди;

Маҳаллаларга 1 639 та огоҳлантирувчи стикерлар (масалан, “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ва бошқалар) ўрнатилди;

336 та видеокузатув камералари, 44 та PTZ камералари, 33 та юз ва авторақамни танувчи камералар, 349 та замонавий домофонлар ўрнатилди;

517 та хонадон Миллий гвардия томонидан техник қўриқловга олинди;

200 та ташвиш тугмалари ва 154 та объект қўриқлов тизимига уланди;

26 та “Хавфсиз кўча” ва 65 та “Хавфсиз йўлак” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Муҳтарам фуқаролар!

Бизни олдимизда яна жиддий хавф-хатарлар кутмоқда ва уларни яшириб ўтиришнинг фойдаси йўқ.

Биринчидан – кибержиноятлар. Жорий йилда 539 та кибер-жиноят қайд этилди. Улардан:

17 таси кибер-ўғрилик,

289 таси кибер-фирибгарлик ҳолатлари. Афсуски, 9,34% ҳолатда фуқаролар ўз пластик картаси маълумотларини ўзлари жиноятчиларга берган бўлса, 30,79% ҳолатда интернет орқали онлайн савдода алданиш ҳолатлари юз берди.

Кибержиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усули — фуқароларда хавфсизлик иммунитетини шакллантиришдир.

Ҳурматли фуқаролар, шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга берманг!

Маҳаллалардаги телеграм каналларга аъзо бўлиб, доимий ахборот олишингизни сўраймиз.

Иккинчидан – гиёҳвандлик. Жорий йилда:

1 кг. 948 гр. гиёҳванд моддалар муомаласига чек қўйилди;

147 нафар шахс жавобгарликка тортилди.

Аниқланган моддалар 200 нафардан зиёд ёшларни заҳарлаши мумкин эди. Бу борада интернетдаги “кладмен”, “закладчик”, админ ва операторлар орқали жиноятлар кўпаяпти. Лекин талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди!

Учинчи масала – уйларнинг қаровсиз қолиши. Айниқса, дам олиш мавсумида хонадонлар қаровсиз қолмоқда. Ўғирлик жиноятлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жиноятчилар хонадонда одам йўқлигини аниқлаганидан сўнг жиноятни содир этади. Шу боис, уйларингизни қўриқлаш хизматига топширишни тавсия этамиз. Бу сиз учун ҳам осойишталик, ҳам мулк хавфсизлиги демакдир.

Муҳтарам тумандошлар, пойтахтимиз меҳмонлари!

Жиноят содир этилгандан кейин эмас, унинг олдини олиш муҳим! Шу мақсадда тумандаги ҳар бир маҳаллада телеграм каналлар фаолият юритмоқда. Ушбу каналларга аъзо бўлиб, профилактика инспектори билан бевосита алоқада бўлиш, турли муаммолар бўйича мурожаат қилиш имкониятига эга бўласиз.

Агарда фуқаролар, жамият ёки давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар, ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар ҳақида маълумотларга эга бўлсангиз, “102” рақами ёки ишонч телефонларига хабар беринг. Хабар берган шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланишига тўла кафолат берамиз. Бу – фақатгина бурчингизни адо этиш ҳисобланади.

Юнусобод тумани ички ишлар органлари номидан барчангизга тинчлик, оилавий тотувлик ва саломатлик тилаймиз. Биргаликда тинч ва хавфсиз туманни барпо этиш – ҳаммамизнинг бурчимиз.

Соғ ва омон бўлинглар! Эътиборингиз учун раҳмат!

Я.А.Абдураҳмонов,
Юнусобод тумани прокурори

Powered by GSpeech